Ibn Sino haqida naqllar

Ergashaka 2025-03-25 15:02

АБУ АЛИ ИБН СИНО ҲАҚИДА НАҚЛЛАР

Абу Али Ибн Сино мадрасада ўқиб юрган вақтида сабоқдош дўстларига: — Мен туғилдиму оламни парча-парча ҳолда кўрдим, — дебди.

Ўртоқлари ажабланиб, Абу Алининг онасидан “Шу ростми?” деб сўрашибди. Ситора бону тўғрисини айтибди:

— Мен чақалоқни ҳовлига олиб чиққанимда боши узра ғалвир билан қуёшни тўсиб турган эдим.

Кимнинг кўзи ўткир?

Абу Али бир куни подшоҳ ҳузурига кирса, ҳазрати олийлари дурбинда узоқни кузатаётган экан. Ибн Сино сўрабди: — Подшоҳимга нима учун дурбин керак бўлиб қолди?

Подшоҳ унга тушунтирди: — Бу дурбин орқали икки фарсанг узоқликда кимлар келаётганини кўриш мумкин. (Икки фарсанг — 12 километр)

Ибн Сино айтди: — Тўрт фарсанг узоқликда ким келаётганини мен дурбинсиз ҳам кўра оламан.

Подшоҳ “Қани, айт-чи!” деб сўради. Ибн Сино айтди: — Икки фарсанг нарида бир отлиқ келаётир. У киши ширин таом еган экан?

Подшоҳ ажабланиб сўради: — У киши ширин таом еганини қаердан билдинг?

Ибн Сино жавоб берди: — Бу отлиқнинг ширин таом еганини унинг оғзи атрофида ўралашган пашшалардан билдим.

У одам яқин келиб салом берганида подшоҳ ундан сўради: — Яқинда қандай таом еган эдинг?

У киши жавоб берди: — Холва еган эдим, жаноби олийлари.

Карвон йўлида

Ибн Сино подшоҳлар таъқибидан қочиб юрган вақтларида ўзини танитмаслик учун, “Мен мусиқачи, бастакорман”, деб бир карвонга қўшилиб олди. У йўлда, от устида ҳам ёзадиган асарлари ҳақида ўйлаб борарди. Аммо, карвон аҳли, кўпчилиги савдогарлар гап талашиб, қий-чув қилиб, аллома ўйлашига ҳалақит берар эдилар. Ибн Сино бу мушкулнинг ҳам иложини топди. У кечаси карвон аҳли ухлаб ётганида туяларнинг бўйнидаги зангула-қўнғироқларнинг ўринларини алмаштириб, ўзга бир садо чиқадиган қилиб қўйди. Эрта тонгда карвон йўлга тушганида қўнғироқ шундай бир маромда садо чиқардики, одамлар яна ухлаб қолдилар. Шу куни Ибн Сино анча ором топди. Яна кеч бўлди. Карвон бир жойда тўхтади. Одамлар озроқ таом еб яна уйқуга кетди.

Ибн Сино карвон туяларининг қўнғироқларини яна ўринларини алмаштириб, бошқача оҳангга солди. Эртасига карвон йўлга тушганида қўнғироқлар шундай садо чиқардиларки, одамлар кула бошладилар. Учинчи кеча Абу Али карвон аҳли ухлаб ётганида қўнғироқларини яна ўзгача жойлаштирди. Тонгда карвон йўлга тушганида қўнғироқлар шундай қайғули садо чиқардиларки, одамлар йиғлай бошладилар. Тўртинчи кеча Абу Али қўнғироқлар тартибини яна ўзгартираётганида карвон аҳли бу ишларни ким қилаётганини билиб қолдилар ва алломага иззат-ҳурмат кўрсатиб, биз энди йўлда жим юрамиз, ўйларингизга халақит бермаймиз, дедилар.

Абу Алининг ҳазили

Бир олим ўзи ёзган китобни Абу Али Ибн Синога (мақтаниш учун) кўрсатди. Абу Али китобни бошидан охиригача варақлаб кўриб чиқди ва эгасига қайтарди. Ўша куни олим ўз китобини подшоҳга (Бухоро амри Нуҳ ибн Мансурга) совға қилди. Амир сўради: — Бу китобни ким ёзган?

— Буни камина ёзганман, — деди ҳалиги олим.

Ибн Сино кулимсираб: — Йўқ, бу китобни мен ёзганман, — деди. Подшоҳ ажабланиб сўради:

— Буни қандай исботлайсан?

Ибн Сино китобнинг мазмунини бошдан охиригача ёддан айтиб берди. Ҳалиги олим подшоҳ олдида хижолат бўлиб, нима дейишини билмай қолди. Подшоҳ китоб муаллифини койиди:

— Нечун ёлғон гапирдинг?

Ҳалиги олим куйиниб, ўзини оқлай бошлади. — Бу китобни, ахир, мен ёзганман.

Подшоҳ Ибн Синога савол назари билан қаради. Ибн Сино жавоб берди:

— Олий ҳазрат, афв этинг. Бу китобни шу олим ёзган. Мен фақат унинг китобини бир варақлаб чиқиб ёдлаб олган эдим.

Подшоҳнинг чиройи очилиб, ҳар икки олимга инъом бериб мақтади.